Янгиликлар

“Халқаро ҳамкорлик етакчилари” автоном нотижорат ташкилоти ҳамкорлигида Ўзбекистон-Россия бизнес-форуми ташкил этилди

2022-йилнинг 26-30-май кунлари Ўзбекистон Республикаси ҳудуди Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Ўзбекистон-Россия бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Бизнес-форумдан кўзланган асосий мақсад икки давлат тадбиркорлари ўртасида бизнес ҳамкорликни ўрнатиш ҳамда улар томонидан икки томонлама иқтисодий ва сармоявий лойиҳаларни йўлга қўйишдан иборат бўлди.

Бизнес-форумнинг бош ташкилотчилари сифатида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар масалалари агентлиги, Ўзбекистон “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, «Consult Invest ITIC» компанияси, "Опора России" Бутунроссия кичик ва ўрта бизнес жамоат ташкилоти ва “Халқаро ҳамкорлик етакчилари” автоном нотижорат ташкилоти иштирок этди.

Ўзбекистон-Россия бизнес-форуми доирасида икки давлат тадбиркорлари ўртасида олтмишдан ортиқ “В2В” учрашувлари ўтказилди.

Ахборот технологиялари, тўқимачилик, туризм, озиқ-овқат саноати, таълим, косметика маҳсулотлари ва саноат ускуналарини етказиб бериш каби соҳаларда ҳамкорлик қилиш бўйича келишувларга эришилди.

Форум доирасида Ўзбекистон ва Россия компаниялари ўртасида ҳамкорлик бўйича шартнома ва келишувлар имзоланди. Шунингдек, “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси раҳбарияти “Опора России” Бутунроссия кичик ва ўрта бизнес жамоат ташкилоти ва “Халқаро ҳамкорлик етакчилари” АНТ билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади.

Тадбиркорлар ўртасида тузилган қуйидаги келишувлар алоҳида аҳамиятга эга: Хусусан, Артем Прихода Россияга минг тоннадан ортиқ қуритилган мева ва ёнғоқ етказиб бериш бўйича, уфалик тадбиркорлар қиймати 500 минг доллардан ортиқ ўзбек тўқимачилик маҳсулотларини сотиб олиш бўйича келишувга эришди. Шунингдек, “CultFace” косметика компанияси асосчиси Ольга Паничева бизнес-форум доирасида ўз маҳсулотларини Ўзбекистондаги савдо тармоқларига етказиб бериш бўйича, тадбиркор Александр Квак Россияга “Beveco” ветеринария препаратларини етказиб бериш юзасидан келишувлар имзолашди. Александр Завьялов OkoCRM.com платформасини татбиқ этиш учун ўзбек компаниялари билан ҳамкорликни бошлади. Тадбиркор Нозим Гасанов “Easy Gas Trading” компаниясининг ускуналарини Россияга етказиб беришга, Россиялик ишбилармонлар «Gold Sald» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Асқар Имомхуджаев билан ўзбек тузини харид қилиш бўйича шартномалар тузишга мушарраф бўлдилар.